15 Aprel 2024, 16:07 Oʻzbekiston

Шавкат Мирзиёев Туркманистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев Туркманистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.

Суҳбат аввалида Рашид Мередов давлат раҳбарига Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва чуқурлашган стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ўсаётгани қайд этилди. Шовот–Тошовуз савдо зонаси ташкил этилмоқда. Саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик давом этмоқда.

Ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда. Жорий йилда Ўзбекистонда шоир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилади. Бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида кўп қиррали шерикликнинг янги кун тартибини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Mashhur yangiliklar