Сабине Маҳл БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори этиб тайинланди
Тайинловга қадар у 2019 йилдан бери БМТнинг Грузиядаги доимий вакили эди, Индонезия, Фаластин ва Қирғизистондаги БМТ Аёллар бўлимларига раҳбарлик қилган, шунингдек, ЕХҲТда ишлаган.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Сабине Маҳлни (Австрия) БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори этиб тайинлади, деб хабар қилди ташкилотнинг мамлакатдаги ваколатхонаси матбуот хизмати.
У 1 июндан ўз вазифаларини бажаришга киришди. Ушбу тайинловга қадар доктор Сабине Маҳл 2019−2024 йиллари давомида БМТнинг Грузиядаги доимий координатори лавозимида ишлаган.
Сабине Маҳл 22 йилдан ортиқ вақт давомида халқаро ташкилотларда фаолият олиб борган. Жумладан, Индонезия, Фаластин ва Қирғизистонда БМТ Аёллар ваколатхонаси раҳбари, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчи вазифасида ишлаган.
2007−2011 йилларда у Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Гаагадаги этник озчиликлар бўйича Олий комиссарининг собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларини қамраб олувчи бўлими раҳбари/катта маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.
2005−2007 йилларда Қирғизистонда ЕХҲТ маркази раҳбари ўринбосари ва ушбу ташкилотнинг бош қароргоҳида можароларнинг олдини олиш марказида Марказий Осиё бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.
2001 йилда Сабине Маҳл ЕХҲТнинг Эстониядаги миссияси раҳбари ўринбосари лавозимига фаолият олиб борган ва 2000 йилда Австриянинг ЙХҲТга раислиги даврида у Австрия доимий ваколатхонасининг биринчи котиби лавозимида ишлаган. У шунингдек, Австрия Ташқи ишлар вазирлигининг сиёсий бўлимида Жануби-Шарқий Европа бўлими бошлиғи, Европа Парламентида, Венадаги учта турли судларда ва Кройдон/Лондонда ўқитувчи бўлиб ишлаган.
Мавзуга оид хабарлар:
O‘zbekiston Yaqin Sharqdagi vaziyat keskinlashayotganidan xavotir bildirdi O‘zbekiston Isroilning harbiy harakatlariga qarshi ovoz berdi O‘zbekiston elektron hukumat reytingida 6 pog‘ona yuqoriladi Шавкат Мирзиёев Гутерриш билан учрашди БМТ Туризм ижроия кенгаши Ўзбекистон ташаббусини бир овоздан маъқуллади