30 May 2024, 09:50 Oʻzbekiston

Сўнгги 5 йилда рублнинг Ўзбекистон экспорт ва импортидаги улуши сезиларли ошди

2023 йилда экспортнинг 79,5 фоизи долларда, 9,9 фоизи еврода амалга оширилган. Сўмдаги экспорт ва импорт улуши мос равишда 0,2 ва 0,3 фоизни ташкил этди.

Сўнгги 5 йилда рублнинг Ўзбекистон экспорт ва импортидаги улуши сезиларли ошди

Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистон ташқи савдосида қайси валюталар улуши қанчани ташкил этаётгани юзасидан маълумот берди ва халқаро савдо амалиётларини миллий валютада олиб бориш жуда катта хатарларга олиб келиши ҳамда томонларнинг транзакцион харажатларини кескин ошириб юборишини таъкидлади.

Ўзбекистон ташқи савдосида доллар ва евронинг улуши юқори ҳисобланади. Хусусан, 2019 йилда импортда евро ва долларнинг улуши 95 фоизни ташкил этган (доллар 83 фоиз, евро 12 фоиз) бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 89,4 фоизгача камайган (доллар 79,5 фоиз, евро 9,9 фоиз). Экспортда эса доллар ва евронинг улуши 2019 йилдаги 99,1 фоиздан 2023 йилда 93,2 фоизгача камайган.

Сўнгги беш йилда рублнинг улуши экспортда 0,8 фоиздан 5,3 фоизга етган бўлса, импортда 4,2 фоиздан 7,6 фоизгача ўсган. Шунингдек, ташқи савдода сўм ҳам оз бўлса-да қўлланиб, 2019 йилда 8,7 млн долларлик импорт товарлар (улуши 0,1 фоизга ҳам етмайди), 2,4 млн долларлик экспорт товарлар сўмда савдо қилинган бўлса, 2023 йилга келиб сўмдаги импорт 87 млн долларга (улуши 0,3 фоиз), сўмдаги экспорт эса 21,2 млн долларга етган (улуши 0,2 фоиз).

Ҳозирда баъзи давлатлар ёки иқтисодий блоклар ташқи савдони амалга оширишда миллий валюталардан фойдаланади. Хусусан, Европа иттифоқида ташқи савдосининг 66 фоизи еврода амалга оширилади. Россия бошқа давлатлар билан савдоларда асосан рубль ва юандан фойдаланмоқда. Бу икки валютанинг умумий РФ ташқи савдосидаги улуши 70 фоиздан ошади (рубль 40 фоиз, юань 30 фоиз).

Бутун дунё товар савдосининг қарийб 80 фоизи долларда амалга оширилади. Хусусан, товар экспортидаги доллар улуши Америка қитъасида 96 фоиз, Осиё-Тинч океанида 74 фоиз, Европада 23 фоиз (мазкур ҳолат минтақада валюта иттифоқининг мавжудлиги билан изоҳланади), дунёнинг бошқа давлатларида 79,4 фоизни ташкил этади.

Mashhur yangiliklar