Миясига Neuralink чипи ўрнатилган бемор фикр кучи билан шахмат ўйнади
У 8 йил олдин бахтсиз ҳодисага учраган, оқибатда фалаж бўлиб, елкасидан пастда ҳеч нарсани сезмайдиган бўлиб қолган эди.
Миясига Илон Маскнинг Neuralink компанияси импланти ўрнатилган биринчи бемор шахматни қандай ўйнашини кўрсатди. 29 ёшли Нолан Арбо 8 йил олдин бахтсиз ҳодисага учраган, оқибатда фалаж бўлиб, елкасидан пастда ҳеч нарсани сезмайдиган бўлиб қолган эди.
Ўйин давомида у фикр кучи билан ноутбук экранидаги шахмат тахтаси бўйлаб курсорни ҳаракатлантирди, доналарни қайта тартиблади. Арбо сўзларига кўра, у компютер ўйинларини худди шундай ўйнайди. «Бу ҳали мукаммал эмас, ҳали қилинадиган ишлар кўп, лекин ҳаётим аллақачон ўзгарди», деди у.
28 январ куни Neuralink нейротехнология компанияси биринчи марта инсон миясига нейрочипни ўрнатди. Кейин Илон Маск чипдан биринчи фойдаланувчилар оёқ-қўллари устидан назоратни йўқотган одамлар бўлишини маълум қилди. Шунингдек, у тест жараёни тахминан олти йил давом этишини қайд этди. Бунгача чип устида тадқиқотлар ҳайвонлар устида олиб борилган.
2023 йил сентябр ойида Neuralink чипларни синаб кўриш учун кўнгиллиларни жалб қила бошлади. Компания тетраплегия билан касалланган номзодларни қидирмоқда. Neuralink компанияси 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг тахминий қиймати 1 миллиард доллардан ошади. 2021 йил апрел ойида компания миясига чип ўрнатилган маймунни кўрсатди. Ҳайвон фикр кучи билан компютер мониторидаги курсорни бошқарди ва шу тариқа стол тенниси ўйнади.
Мавзуга оид хабарлар:
Нодирбек Абдусатторов дунёнинг тўртинчи рақамли шахматчиси бўлди