27 Mart 2024, 18:18 Oʻzbekiston

Хоразм вилояти ҳокими боксчи Исроил Мадримовга 2 хонали уй совға қилди

Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов ташаббуси билан WBA чемпиони Исроил Мадримовга икки хонали уй совға қилинди. Бунгача унга чемпионлик учун президент совғаси — Tahoe автомобили, шунингдек, ички ишлар вазири томонидан майор махсус унвони берилганди.

Хоразм вилояти ҳокими боксчи Исроил Мадримовга 2 хонали уй совға қилди

26 март куни Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов WBA чемпиони Исроил Мадримовни икки хонали уй билан тақдирлади. Бу ҳақда вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Нодира Жуманиёзова хабар берди.

«Исроил Мадримов билан алоқада бўлиб турибмиз. Жангга чиқадиган кунидан бошлаб то якунлагунча омад тилаб турдик. Ғалабага эришганидан кейин Хоразмга қачон етиб келиши ҳақида ҳамма маълумотларни аниқлаштиргандан кейин вилоят ҳокими [Жўрабек Рахимов]га маълумот берилди. Ҳоким ҳам уни табриклаб қўйди. Кейин келишига вилоят ҳокими ўринбосари Санъат Комилович [Салаев] билан маслаҳатлашдик. Йиғилишда масъулларга топшириқ туширилди. Вилоят ҳокимига масала қўйилган эди, 2 хонали уй бераман деб. Розилик билдирдилар», — деди бошқарма бошлиғи.

«Ушбу ҳадя қайси маблағлар ҳисобига берилганини билмадиму, уй бераман дедилар. Хат-ҳужжат энди қилинса керак», — дея қўшимча қилди у. Нодира Жуманиёзованинг сўзларига кўра, бу вилоят ҳокимининг ташаббуси билан амалга оширилган. Спортчи ўзининг Instagram саҳифасида берилган ҳадя учун миннатдорлик билдириб, пост жойлади. «Ажойиб совға учун Хоразм вилояти ҳокими Рахимов Жўрабек Рахимовичга ўз миннатдорчилигимни билдираман», — дея изоҳ қолдирди спортчи. Исроил Мадримовга берилган 2 хонали уй Урганч шаҳрида жойлашган янги турар жойлардан бири ҳисобланади.

Mashhur yangiliklar