Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши ёзда бошланиши мумкин
Бунгача линия ётқизиш ишларини бошлаш санаси сифатида октябр ойи қайта-қайта тилга олинганди.
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши яқин ойларда бошланиши мумкин, дея хабар бермоқда Kloop Қирғизистон бош вазири Оқилбек Жапаровга таяниб.
Жўқорғи Кенешнинг 13 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида республика ҳукумати раҳбари август ойида уч давлат раҳбарларининг учрашуви режалаштирилганини маълум қилди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, ўшанда ишларнинг расмий бошланиши маросими бўлиб ўтади.
Жапаровнинг таъкидлашича, ўтган ҳафта Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон транспорт вазирлари линия лойиҳаси бўйича келишув имзолаган. Ҳужжат ҳамкорлик, жумладан, молиялаштиришнинг асосий тамойиллари ва механизмларини белгилайди.
«Ниҳоят, мамлакатимизни йирик савдо-ишлаб чиқариш марказига айлантирувчи лойиҳа амалга оширила бошланди», – деди Жапаров.
6 июнь куни Ўзбекистон Транспорт вазирлиги раҳбари Илҳом Маҳкамов яқин келажакда давлатлар молиялаштириш шартларини белгилаб берувчи темирйўл бўйича концессия шартномасини тузишини маълум қилди. Унга кўра, тамал тошини октябрь ойида қўйиш режалаштирилган.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам май ойида худди шундай муддатни белгилаган эди. Унинг таъкидлашича, бўлажак линия республика учун «дунёга дераза»га айланади.
Мавзуга оид хабарлар:
Қирғизистон Ўзбекистондан қурилиш маҳсулотлари импортини оширади Ўзбекистонда беш ойда қанча қурилиш ишлари бажарилгани айтилди Ўзбекистонда айрим бино ва иншоотларни рўйхатга олиш ва топшириш муддати ўзгармоқда Ўзбекистонда 2024 йилнинг тўрт ойида 46,9 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилди Қурилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар халқаро стандартлар билан уйғунлаштирилади