13 Iyun 2024, 09:21 Oʻzbekiston

Фарғона ва Қашқадарёда қалбаки акциз маркали ва истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотлари савдоси фош этилди

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Фарғона ва Қашқадарёда қалбаки акциз маркали ва истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотлари савдоси фош этилди

Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида қалбаки акциз маркали ва истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотлари савдоси фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Марғилон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Ш.Б.» МЧЖ раҳбари Ф.Х. спиртли ичимликлар савдо дўконида 9 турдаги жами 495 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Г.Б. ноқонуний даромад орттириш мақсадида Қамаши тумани «Сарбозор» МФЙ ҳудудида жами 100 дона «Янги Шаҳрисабз» номли қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини фуқаро Т.Т.га 1,8 млн сўмга сотган вақтида ушланиб, ундан 21 турдаги жами 305 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «А-С.» МЧЖга қарашли савдо дўкони сотувчиси Д.Х. ҳеч қандай ҳужжатсиз «Журавли» номли қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини сотган вақтида ушланиб, ушбу дўкондан 13 хил турдаги жами 230 дона алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, «Юлдуз» МФЙдаги хонадонда яшовчи О.А. (муқаддам судланган) ўз уйида яширин цех ташкил этиб, фуқаро А.А.га қўлбола усулда тайёрланган истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотини сотган вақтида ушланиб, ушбу хонадондан 69,2 литр спирт ва бошқа товар-моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Mashhur yangiliklar