ДХХ Ҳаж зиёратига ноқонуний юборишни ваъда қилган шахсларни қўлга олди
Тошкент шаҳри, Андижон ва Фарғона вилоятларида фуқаролардан Ҳажга юборишни ваъда қилиб пул олган сайёҳлик фирмалари вакиллари ушланди.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда пойтахтнинг Чилонзор туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда, 1966 ва 1968 йилларда туғилган ака-ука ўзаро тил бириктириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 2 нафар фуқаронинг Саудия Арабистонига Ҳаж сафарига боришлари учун талаб этиладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш ва уларни зиёратга юбориш эвазига 12 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу ноқонуний ишга Тошкент шаҳридаги сайёҳлик фирмасининг муқаддам фирибгарлик жиноятлари учун 2 маротаба судланган ижрочи директори алоқадор эканлиги маълум бўлди.
Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги сайёҳлик фирмаси ходими мазкур туманда истиқомат қилувчи фуқарони алдов йўли билан ишончига кириб, уни ва онасини жорий Ҳаж мавсумида муборак сафарга юбориш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилади. Аммо, у сўралган пул маблағидан 7 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди. Шунингдек, у мазкур ноқонуний ишни сайёҳлик фирмаси раҳбари билан келишган ҳолда амалга оширганлиги аниқланди.
Фарғона вилоятининг Бағдод туманида яшовчи шахс ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни 8700 АҚШ доллари эвазига Ҳаж зиёратига жўнатишини айтиб, Бувайда туманида истиқомат қилувчи фуқаро ва унинг онасини ҳожи мақомини олишлари учун Саудия Арабистонига юбориш эвазига 17 400 АҚШ доллари талаб қилади. Лекин, у сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.
Марғилон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари эса Қўштепа туманида яшовчи фуқарони ҳаж амалларини бажариши учун Саудия подшоҳлигига юбориш эвазига 14 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид хабарлар:
Учта ҳудудда хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди Саудия Арабистонида Ҳаж вақтида 10 га яқин Ўзбекистон фуқароси вафот этди ДХХ ҳудудларда қурилиш бошқармаси ходими ва суд бошқарувчиларини қўлга олди Тошкент ва Андижон шаҳарларида майнинг ферма ташкил этган хонадонлар аниқланди Тошкентда кучли таъсир қилувчи дорини вояга етмаган ўғли орқали сотмоқчи бўлган шахс ушланди