1 Aprel 2024, 11:59 Oʻzbekiston

Бухорода автобус ҳайдовчилари қоидаларни бузишда давом этмоқда

Бу сафар икки нафар автобус ҳайдовчиси светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган. Улардан бири пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган одамни уриб юборишига бир бахя қолган.

Бухорода автобус ҳайдовчилари қоидаларни бузишда давом этмоқда

Бухорода икки нафар автобус ҳайдовчиси қоидаларни қўпол тарзда бузиб, светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган. Ҳолат бошқа машиналардаги кузатув камераларига ёзиб қолинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда AZIA STAR русумли 01 540 VGA ҳамда Isuzu русумли 80 206 ABA давлат рақам белгили автобусларнинг ҳайдовчилари Бухоро шаҳрида светофорнинг қизил чироғида ҳаракатлангани қайд этилган тасвирлар тарқалди.

Тасвирларда ҳар иккала автобус светофорнинг қизил чироғида бошқа транспорт воситалари тўхтаб турган пайтда ўтиб кетгани кўринади. Шунингдек, уларнинг бири пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган одамни уриб юборишига бир бахя қолган.

Видеотасвирлар юзасидан Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, қоидаларни четлаб ўтган ҳайдовчиларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилган.

«Қоидабузарликка бефарқ бўлмаган жамоатчилик назорати вакилларига миннатдорчилик билдирамиз. Барча ҳайдовчилардан, айниқса, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилардан йўлларда қоидаларга риоя этган ҳолда ҳаракатланишларини сўраймиз», — дейилади хабарда.

Mashhur yangiliklar