Андижонда 5-синф ўқувчиси ўзини осмоқчи бўлди
Онаси бу ҳолатни кўриб қолиб, уни қутқарган ва шифохонага олиб борган.
Андижон вилояти Шаҳрихон туманида 12 ёшли ўғил бола ўз жонига қасд қилди.
Маълум қилинишича, 27 февраль куни соат 08:40 да Шаҳрихон туманида яшовчи 5-синф ўқувчиси яшаш хонадонидаги омборхона тўсинига сомон пресс ипи билан ўзини ўзи осган.
У ўз жонига суиқасд қилган вақтида онаси бу ҳолатни кўриб қолиб, ёрдам берган. Натижада боланинг ҳаёти сақлаб қолиниб, у туман марказий шифохонасига ётқизилган.
Боладаги тан жароҳатларининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, сомон пресс ипи текшириш учун далилий ашё сифатида олинган.
Шифокорларнинг таъкидлашича, ўқувчи шифохонага ҳушсиз, оғир ҳолатда олиб келинган. Кўрсатилган тез тиббий ёрдамлар натижасида унинг аҳволи яхшиланган, айни пайтда аҳволи ўртача.
Ҳозирда Шаҳрихон туман прокуратураси томонидан боланинг жонига қасд қилганлик сабабларини аниқлашга қаратилган терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.