3 May 2024, 08:50 Oʻzbekiston

Амударёда сувни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиши мумкин

Комиссия Амударёда сувни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш муҳимлигини қайд этди.

Амударёда сувни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиши мумкин

Туркманобод шаҳрида Сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев ҳамда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг агросаноат комплекси масалалари бўйича ўринбосари Т.Атахаллиев бошчилик қилган тадбирда томонлар Сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг учинчи йиғилишида эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилди.

Ўзбекистоннинг Туркманистонда жойлашган сув хўжалиги объектларини хатловдан ўтказиш ва Туямўйин гидроузелининг Султонсанжар тўғонида «сув фильтрациясига қарши девор қуриш» лойиҳаларини жадаллаштиришга келишиб олинди.

Гидрологик йил давомида 2023 йил 1 апрелдан 2024 йил 30 мартгача Амударёнинг сувлилик даражаси таҳлил қилиниб, томонларнинг мамлакатлар иқтисодиёт тармоқларини сув билан таъминлаш бўйича кейинги ҳаракатлари кўриб чиқилди.

Комиссия Амударёда сувни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш муҳимлигини қайд этди. Томонлар халқаро молия институтларининг грант маблағларини жалб этиш орқали гидропостларда сув ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ва гидропостларни тиклаш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқлади.

Mashhur yangiliklar