Ўзбекистон фуқароси «Крокус»даги теракт вақтида юздан ортиқ одамни қутқарди
Мажмуада официант бўлиб ишлаган Комил Насибов ўқ овозларига қарамай концерт зали биносига қайтиб бориб, одамларни ташқарига чиқишига ёрдамлашган. Тасодифан чироғи ёниқ телефонни топиб олиб, унга қўнғироқ қилган жабрланувчи қизнинг қутқарилишига ҳам ҳисса қўшган.
Россияда яшовчи Ўзбекистон фуқароси Комил Насибов Москва яқинидаги «Крокус» концерт залида рўй берган теракт вақтида юздан ортиқ одамни қутқариб қолди.
Насибов «Шот» Телеграм-каналига айтишича, у фожиа рўй берган куни дўсти билан қўшимча иш сифатида «Крокус»да официантлик қилган. Уларнинг иш сменаси 19:55 да тугаган. Кўчага чиқишгач, ўқ овозларини эшитишган ва қўрқиб энг яқин бинога яширинишган. Лекин кейин ортга қайтишга қарор қилишган.
Комил ўқдан яраланган бир неча кишини автомобиль йўли ёқасига судраб чиққан, машина тўхтатиб, оқсоқланаётган бир аёлни унга ўтқизган, концертга кеч қолганларни эса қайтариб юборган. Бино ичида эса у эшикларни бузиб, одамларга қаерга қочиш кераклигини кўрсатиб турган.
«Ҳамма тутун ичида қолганида пастки қаватдаги коридорлардан бирида тахминан 80 кишидан иборат одамлар гуруҳини кўриб, уларга ташқарига чиқишга ёрдам бердим. Одамларни қидириб югуриб юрганимда чироғи ёнган ҳолда полда ётган телефонга кўзим тушди ва йўлни ёритиш учун уни олдим. Телефон жиринглаб қолди – Камилла исми ёзилган эди, гўшакда бир қиз баланд овозда қичқириб, қутқаришларини сўради. Ў қаттиқ қўрқиб кетганди, атрофида ҳамма нарса ёнаётгани, иккинчи қаватда эканини айтди», — дея сўзлаб берган у.
Комил қиз телефон қилган вақтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларининг олдида турган, қизнинг айтганларини уларга етказган. Шундан кейин қутқарувчилар унинг ўзини ҳам тутундан бўғилган ҳолатида бинодан олиб чиқишган. Қизни эса топишган, кейинроқ Комил қутқарувчилар орқали унга телефонни қайтариб берган.
Мавзуга оид хабарлар:
Moskvadan Namanganga uchayotgan samolyot Toshkentga yo‘naltirildi Moskvada xorijlik migrantlar uchun patent narxi qariyb 20 foizga oshadi Moskvadagi vaqtincha saqlash markazidan 4 nafar bola O‘zbekistonga olib kelindi Moskva aeroportida O‘zbekiston fuqarosining yuklari ichidan radioaktiv haykalcha topildi Toshkent va Moskva o‘rtasida temiryo‘l qatnovlari tiklanadi