Бахтиёр Иброҳимов Жиззах вилояти прокурори этиб тайинланди
Адлия катта маслаҳатчиси Бахтиёр Иброҳимов Жиззах вилояти прокурори лавозимига тайинланди. У бунга қадар Бош прокуратура бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган.
Бош прокурорнинг буйруғига асосан адлия катта маслаҳатчиси Бахтиёр Тойиржонович Иброҳимов Жиззах вилояти прокурори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуроратура матбуот хизмати хабар қилди.
Бахтиёр Иброхимов тайинловга қадар Чирчиқ шаҳар прокурори кейинроқ Бош прокуратура бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган.
Иброҳимов 2021 йилда Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг иши судгача етиб бормасидан ОАВларда айбдор деган фикрни илгари сургани билан кўпчиликка таниш.
Хусусан, 2021 йил 8 сентябрь куни Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, жуда кўп миқдорда) ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди (мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлишига сабаб бўлса) билан айбланувчи тариқасида ишга жалб қилинганди.
13 сентябрга келиб, ОАВларда Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимовнинг интервьюси чиқа бошлади. Прокурор унда терговга қадар текширув ишлари якун топмаган, айби ҳали тўлиқ исботланмаган Гулжаҳон Йўлдошеванинг айблилик масаласига кескин муносабат билдирганди. Бу билан у айбсизлик презумпциясига амал қилмаган.