ДХХ ҳудудларда қурилиш бошқармаси ходими ва суд бошқарувчиларини қўлга олди
ДХХ Бухорода хариталар тузиш билан шуғулланувчи МЧЖ директорини 12,5 минг доллар олганида ушлади. Шунингдек, шу иш доирасида 5000 доллар олган қурилиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи ҳам қўлга тушди.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида тезкор тадбирлар ўтказиб, қатор ноқонуний ҳаракатларни аниқлади.
Жумладан, Бухоро шаҳрида жойлашган Геодезия ва топо хариталар тузиш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари маҳаллий қурилиш фирмасига қарашли 701 м² бўлган ер майдонида кўп қаватли уй қуриш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ваколатли танишлари орқали тайёрлатиб беришни айтган. Бунинг эвазига 25 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 12 500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ундан архитектура-режалаштириш топшириғини тайёрлаб бериш эвазига 5000 доллар олган вақтида вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи мансабдор таниши ҳам ушланди.
Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг Самарқанд вилояти бўлими суд бошқарувчиси Самарқанд шаҳри иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан Самарқанд туманидаги хўжалик моллари савдоси билан шуғулланувчи оилавий корхонани тугатиш бошқарувчиси этиб тайинланган.
У корхона фаолиятини текшириш давомида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда 1 млрд 916 млн сўм пул маблағи бошқа шахсларга молиявий ёрдам сифатида ўтказиб юборилгани ҳолатини аниқлайди ва ушбу пул маблағи қайтарилмасдан, корхонани банкрот деб эьлон қилиш масаласини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1200 доллар талаб қилган. Суд бошқарувчиси сўралган пул маблағини олган вақтида ушланган.
Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциациясининг Бухоро вилояти бўлими суд бошқарувчиси Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан Шофиркон туманидаги бино-иншоотларни қуриш ва таъмирлашга ихтисослашган МЧЖни тугатишга масъул этиб тайинланган.
Лекин у мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда МЧЖ раҳбарининг ишончига кириб, алдов йўли билан, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан қайта текширув ўтказилмаслиги ҳамда давлат реестридан чиқаришда суд ва солиқ идораларидаги мансабдор танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 1000 доллар талаб қилиб, муқаддам 200 доллар олган. Суд бошқарувчиси қолган 800 долларни олган вақтида ушланди.
2023 йилнинг сентябрь ойида Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланувчи томонидан етказилган зарар қоплангани боис 2024 йилнинг январь ойида ЖИБ Зафаробод тумани судининг ҳукми билан унга нисбатан 18 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Жиззах шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси раҳбари эса ўзининг ҳимоясида бўлган мазкур судланувчининг қариндошларидан муқаддам шартнома асосида 5 млн сўм, шунингдек, шартномасиз 4900 доллар олган бўлса-да, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ҳуқуқ-тартибот идораларидаги танишларига пул берганини айтиб, яна 3 минг доллар олган вақтида ушланди. Мазкур шахларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид хабарлар:
To‘rt viloyatda pora olayotgan advokatlar qo‘lga tushdi Buxoroda fuqaroga umrbodlik nafaqa va’da qilgan shifokor ushlandi Jizzax viloyatida temiryo‘l stansiyasi boshlig‘i pora bilan ushlandi Qashqadaryo hamda Jizzaxda ekologiya va qurilish mutaxassislari pora bilan ushlandi Andijonda hokim o‘rinbosari 30 ming dollar pora bilan qo‘lga tushdi