21 Iyun 2024, 17:24 Oʻzbekiston

Мўғулистон президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

Президентлар дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқади. У, шунингдек, Хива шаҳрига ҳам боради.

Мўғулистон президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух 23−26 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Олий мартабали меҳмон ташрифининг дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилади.

Хусусан, кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, транспорт, логистика ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш режалари ўрин олган.

Шунингдек, маданий-гуманитар ва туризм алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинади. Халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади. Саммит якунлари бўйича ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.

Mashhur yangiliklar