1 Iyun 2024, 12:30 Oʻzbekiston

Таиланд ва Филиппиннинг Ўзбекистондаги янги элчилари иш бошлади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов икки давлат элчиларини қабул қилиб, улар билан кун тартибидаги мавзуларда суҳбат қурди.

Таиланд ва Филиппиннинг Ўзбекистондаги янги элчилари иш бошлади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча Таиланднинг янги элчиси Сасиват Вонгсинсаватни қабул қилди.

«Бугун Вазирликда Таиланд Қироллигининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Элчиси Сасиват Вонгсинсават жаноблари билан учрашиб, унинг ишонч ёрлиқларини қабул қилдик. Сиёсий маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш, ўзаро товар айланмаси ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, туризм, халқ дипломатияси ва маданий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик. Биз жаноб Элчини мазкур лавозимга тайинлангани билан табриклаймиз ва унга дипломатик миссиясини амалга оширишда муваффақиятлар тилаймиз», — деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида.

Ўзбекистон ва Таиланд ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 6 майда ўрнатилган. Бугунги кунда Бангкокда Ўзбекистон Бош консулхонаси фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча Филиппиннинг янги тайинланган элчиси Роберто Г.Маналони қабул қилди.

«Филиппиннинг Ўзбекистондаги Элчиси этиб тайинланган Роберто Г. Манало жанобларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилишдан мамнунмиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатлар юзасидан фикр алмашдик. Шубҳасиз, ўзаро ҳамкорлик кун тартибини барча йўналишларда кенгайтириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги жаноб Элчининг Ўзбекистон-Филиппин муносабатларида фойдаланилмаган улкан салоҳиятни рўёбга чиқаришга ҳисса қўшиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди», — деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

Ўзбекистон ва Филиппин ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 13 апрелда ўрнатилган.

Mashhur yangiliklar