27 May 2024, 17:50 Oʻzbekiston

Ўзбекистоннинг икки ҳудудида қалбаки алкоголь маҳсулотлари савдосига чек қўйилди

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистоннинг икки ҳудудида қалбаки алкоголь маҳсулотлари савдосига чек қўйилди

Самарқанд ҳамда Бухоро вилоятларида қалбаки алкоголь ва акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Қайд этилишича, департаментнинг Самарқанд шаҳри бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда «Д.И.» МЧЖ савдо дўконида 3 турдаги 2158 дона истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотлари сотувга қўйилганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, департаментнинг Бухоро туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Жондор туманидаги ЯТТ Ж.Қ. савдо дўконида 17 турдаги 241 дона қалбаки акциз маркали алкоголь ва 124 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари сотувга қўйилгани аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекснинг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Mashhur yangiliklar