Ўзбекистонда хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндилар билан ишлаш бўйича марказ иш бошлади
Ахборот-ресурс маркази фаолияти манфаатдор идоралар ва жамоатчиликнинг глобал ва миллий миқёсда экологик кимёвий конвенциялар бажарилиши тўғрисида хабардорлигини оширишга қаратилган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таҳлилий назорат марказида хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндилар билан боғлиқ экологик конвенцияларни амалга ошириш бўйича Ахборот-ресурс маркази (АРМ) ўз фаолиятини бошлади.
Марказ фаолияти манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик юритувчи субъектлар ва кенг жамоатчиликнинг глобал ва миллий миқёсда экологик кимёвий конвенцияларнинг бажарилиши тўғрисида хабардорлигини оширишга қаратилган.
Марказда хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги экологик конвенциялар бўйича маълумотлар аниқланади, жамланади ва тарқатилади. Шунингдек, марказ республиканинг бу борадаги салоҳиятини оширишга ёрдам бериш учун ташкил қилингани таъкидланмоқда.
АРМ ва фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик учун ecochem.uz сайти ишга туширилган. Сайтда учта кимёвий конвенция – Базел, Роттердам ва Стокҳолмнинг асосий қоидалари бўйича қисқа онлайн курс ҳам мавжуд. Курс учта кимёвий конвенция, синергия масалалари ва конвенция қоидаларини амалга оширишда мамлакатлар дуч келадиган муаммолар ҳақида умумий тушунча беради.
Таъкидланишича, мақсадларга эришиш учун АРМ хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги экологик конвенциялар бўйича ахборот-кутубхона ресурслари фонди шакллантирилади, фонд кимёвий моддалар ва чиқиндиларни бошқариш бўйича илмий маълумотнома ва илмий-оммабоп материаллар билан тўлдирилади. Қолаверса, марказ электрон оммавий ахборот воситалари, етакчи республика нашриётлари ва хорижий давлатлар нашриётларида чоп этилган энг янги кимёвий, тиббий, турдош ва бошқа адабиётлар билан бойитилади.
Мавзуга оид хабарлар:
Ангренда аҳолидан чиқиндиларни сотиб олиш шохобчаси ташкил этилди Хоразм вилоятида чиқинди хизмати учун тарифлар оширилди Ўзбекистон АҚШ билан чиқиндиларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик қилади