Наманганда салкам 80 млн рублни Қирғизистонга ноқонуний ўтказмоқчи бўлган эркак 5 йилга қамалди
Янгиқўрғон туманидаги чегарада 34 ёшли эркак салкам 80 млн рублни Қирғизистонга ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлди. Суд ҳукми билан у 5 йилга озодликдан маҳрум этилди, пуллар давлатга ўтказилди.
Қарийб 80 млн рублни Қирғизистонга ноқонуний ўтказмоқчи бўлган наманганлик эркакка ҳукм ўқилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Қайд этилишича, Наманган шаҳрида яшовчи 34 ёшли фуқаро 2023 йилнинг декабрида Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ола-буқа тумани билан чегарадош бўлган Янгиқўрғон туманидаги «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасида ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.
Унинг бошқарувидаги Lacetti тўхтатилиб кўздан кечирилганида машина салонида 3 дона полиэтилен қопларга жойлаштирилган жами 79 млн 994 минг 900 Россия рубли борлиги аниқланган. Пуллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Эркак валюта қимматликларини чегарадан ўтказиб бериши эвазига маълум миқдорда хизмат ҳақи олиши керак бўлган ва бундай ноқонуний ҳаракатни муқаддам 4 маротаба амалга оширган, дейилади хабарда.
Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан ушбу шахс Жиноят кодексининг 25, 28, 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тезкор тадбир давомида ундан ашёвий далил сифатида олинган пуллар суд ҳукмига мувофиқ давлат эгалигига ўтказилди.
Мавзуга оид хабарлар:
Namangandagi omborxonadan 800 mln so‘mlik noqonuniy dorilar topildi Ohangaron va Namanganda elektrdan noqonuniy foydalanish holatlari aniqlandi. Mingbuloq tumani sobiq hokimi yangi lavozimga tayinlandi Namanganda qasddan odam o‘ldirib, yashirinib yurgan erkak qidirilmoqda Sirdaryo va Namanganda “valyutchik”lar qo‘lga tushdi