Сирдарёда 34,3 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган майнинг ферма аниқланди
Ҳозирда МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдордаги ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сирдарё вилоятида ноқонуний ташкил қилинган майнинг ферма 34,3 млрд сўмлик электр энергияни талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Бу ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, вилоят ИИБ, «Ўзэнергоинспекция» ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ ўтказган тезкор тадбирда маълум бўлди.
Сирдарё туманидаги чорвачиликка ихтисослашган МЧЖ биносида хориждан келтирилган жами 107 дона «Innosilicon T3», «Whatsminer M21S» ва «Antminer S9 Bitmain» қурилмалари топилган. Аниқланишича, ундан фойдаланиб, криптовалюта ишлаб чиқариш билан шуғулланилган.
Майнинг ферманинг электр ҳисоблагичи 2022 йилнинг апрелидан 2024 йилнинг мартига қадар иккиламчи занжирни вақти-вақти билан узиб, ҳақиқатда оқиб ўтаётган қувватни яшириш орқали ҳисоблагич кўрсаткичини сунъий камайтириш йўли билан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Оқибатда давлат манфаатларига 34 млрд 367 млн сўм миқдорида зарар етказилган.
«Агарда МЧЖ раҳбарлари томонидан талон-торож қилинган 39,3 млн кВт электр энергиясидан оқилона фойдаланилганида, вилоятнинг Боёвут, Сардоба, Оқолтин ва Гулистон туманлари аҳолисининг бир ойлик эҳтиёжини қоплаш мумкин эди», — дейилади ДХХ хабарида.
Ҳозирда МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдордаги ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид хабарлар:
Учта ҳудудда хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди Тошкент вилоятида майнинг ферма ташкил этганлар аниқланди Тошкент вилоятида майнинг ферма ташкил этган шахслар аниқланди Тошкентда майнинг ферма ташкил этган хонадон аниқланди ДХХ ҳудудларда қурилиш бошқармаси ходими ва суд бошқарувчиларини қўлга олди