Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни жадаллаштиради
Италия томони, шунингдек, аграр соҳада технологик ҳамкорлик, инвестиция ва савдо масалаларида алоқаларни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди.
Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италия қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат суверенитети ва ўрмончилик вазирининг дипломатик маслаҳатчиси Чезаре Морбелли билан учрашув ўтказди.
Mулоқот чоғида ўтган йили июн ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон президентнинг Италияга расмий ташрифи доирасида икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида имзоланган қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумининг ижроси ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар ушбу ҳужжат икки мамлакат аграр ва озиқ-овқат соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим асос бўлишини таъкидлади. Италия томони ўтган йили сентябр ойида Самарқандда бўлиб ўтган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижида бошчилигидаги Италия делегациянинг самарали иштирокини хотирлади ва мазкур тадбир Ўзбекистон томонидан юқори даражада ташкил этилганини қайд этди.
Сўнгги йилларда Италия қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва иқтисодий таҳлил кенгаши (CREA), Чорвачилик уюшмаси (AIA), Тушиа университети ва бошқа агробизнес компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланаётгани мамнуният билан таъкидланди. Вазирлик вакили маҳаллий тадбиркорларнинг ҳар йили Италияда ўтказиладиган тадбирлар, шу жумладан, Tuttofood, McFruit, Cremona каби халқаро аграр ва озиқ-овқат кўргазмаларида ўз маҳсулотлари билан иштирокини олқишлади.
Мавзуга оид хабарлар:
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Италияга ташриф буюради Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқлим ўзгаришига мослаштирилади Кувайт Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга сармоя киритмоқчи Италия Ўзбекистон тадқиқотчиларининг лойиҳаларини молиялаштиради