9 Aprel 2024, 10:30 Oʻzbekiston

Наманганда мастлиги сабаб шифохонага ётқизилган эркак ўзини осиб қўйди

У бир кун аввал турмуш ўртоғининг чақирувига асосан мастлиги сабабли ИИБ ходими томонидан шифохонага олиб борилган.

Наманганда мастлиги сабаб шифохонага ётқизилган эркак ўзини осиб қўйди

Наманган вилояти Чортоқ туманида 8 апрель куни шифохонанинг ҳушёрлантириш бўлимига ётқизилган эркак ўзини осиб қўйди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Шу куни соат 00:40 да кўп миқдордаги спиртли ичимлик таъсирида бўлган У.И. исмли эркак (1981 йилда туғилган) марказий шифохонанинг ҳушёрлантириш бўлимида вафот этган. Аниқланишича, у ойна дарчасининг темир панжарасига таглик матодан сиртмоқ ясаб, ўзини ўзи бўйин соҳасидан осган.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, марҳум ҳушёрхонага 7 апрель куни ётқизилган. Кўп миқдорда спиртли ичимлик истемол қилиб, кўп қаватли уй атрофида маст ётгани сабабли турмуш ўртоғи туман ИИБ профилактика инспекторини чақирган, у эса марҳумни шифохонага олиб борган. Ҳолат юзасидан Янгиқўрғон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вазият омбудсман назоратига олинди, деб ёзди инсон ҳуқуқлари бўйича вакил офиси. Унга тақдим этилган маълумотномага кўра, У.И.нинг ўлими бўйин соҳасининг сиқилишидан келиб чиқадиган механик асфикция, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги оқибатида содир бўлган. Унинг танасида бўйин қисмидаги стронгулацион эгатдан бошқа жароҳатлар аниқланмаган.

Mashhur yangiliklar