Ўзбекистон мактабларида берилаётган дарслар қониқарлими?
ПМТИ ота-оналар ўртасида ўтказилган сўров натижаларини эълон қилди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистон мактабларида ўқув юкламасини аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказганини маълум қилди.
Натижаларга кўра, Ўзбекистонда ўқувчилар бошқа мамлакатлардагига қараганда анча кўп ўқийди. Улар учун ҳафталик ўртача юклама 28,2 соатни ташкил қилади. Лекин ўқувчилар математика фани бўйича нисбатан камроқ таҳсил олиши кузатилган.
Шунингдек, мактабларда ўқув-режасига кўра ижтимоий ва амалий фанларга кўпроқ вақт ажратилади. Ўқитувчилар учун дарс соатлари бошқа мамлакатлардагидан жиддий фарқ қилмайди, аммо ўқитиш кунлари анча кўп. Бир ўқитувчига ўқувчилар сони 11,9 нафарни ташкил этиши таҳлилда аниқланган.
Ота-оналар орасида ўтказилган сўровда 61,1 фоиз ота-оналарнинг фикрига кўра, бола учун ўқув юкининг интенсивлиги мақбул даражада. Ота-оналарнинг 25,1 фоизи ўқув юкини юқори, 13,8 фоизи эса паст, деб ҳисоблайди.
Эътиборлиси, ота-оналарнинг 38,4 фоизи мактабларда берилаётган билим даражасидан қониқмайди, 12,8 фоизи фарзандларининг билим даражасини юқори, деб баҳолайди, 48,8 фоизи келажакдаги касблар учун етарли, деган. Аксарият ота-оналар репетитор хизматидан фаол фойдаланади.
59,1 фоиз ота-оналарнинг фикрига асосан мактабларнинг ўқув режасида мактабдан ташқари мустақил равишда ўрганиш мумкин бўлган фанлар мавжуд. Эконометрик таҳлил натижаларига кўра, таълим сифатига биринчи навбатда боланинг билим олишга қизиқиши ва билим даражаси таъсир қилади.