27 Oktabr 2023, 20:41 Рейтинг

Ўзбекистон аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги индексида 94-ўринда қайд этилди

Рейтинг инклюзивлик, адолат ва хавфсизлик мезонлари асосида ҳар йили тузилади.

Ўзбекистон аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги индексида 94-ўринда қайд этилди

Ўзбекистон 2023 йилги «Аёллар тинчлиги ва хавфсизлиги индекси» (Women Peace and Security Index) ҳисоботида 177 давлат ичида 94-ўринни эгаллади.

Бу Марказий Осиё давлатлари орасида ёмон кўрсаткичлардан бири. Минтақада биринчи ўринга Туркманистон (умумий рейтингда 58-ўрин) лойиқ кўрилган. Кейинги ўринларни Қозоғистон (70-ўрин), Тожикистон (90-ўрин) ва Ўзбекистондан кейин Қирғизистон (95-ўрин) эгаллаган.

Дунё бўйича энг яхши кўрсаткичлар Дания, Швейцария ва Швецияда қайд этилган, энг ёмони Афғонистон, Яман ва Марказий Африка Республикасида. WPS рейтингини тайёрлашда муаллифлар учта тоифага тақсимланган 13 та кўрсаткич бўйича мамлакатлардаги вазиятни ҳисобга олади:

  • инклюзивлик (таълим, молиявий хизматлардан фойдаланиш имконияти, бандлик, мобил телефондан фойдаланиш, парламентдаги аёллар улуши);
  • адолат (ҳуқуқий камситишнинг йўқлиги, одил судлов имконияти, оналар ўлими даражаси, тарафкашлик);
  • хавфсизлик (турмушда зўравонликдан ҳимояланиш, аёлларнинг жамиятда ўз хавфсизлигини идрок этиши, аёлларга нисбатан сиёсий зўравонлик, қуролли тўқнашувларга яқинлик).

Ҳисобот учун маълумотлар БМТ агентликлари, Жаҳон банки, Gallup сўровлари ва бошқалар каби манбалардан тўпланган. WPS Index муаллифлари аёллар ўзини яхши ҳис қилаётган мамлакатлар одатда гуллаб-яшнаши, тинчликпарвар, демократикроқ бўлиши ва иқлим ўзгариши таъсирига яхшироқ тайёр бўлишини таъкидлайди.

Машҳур янгиликлар