31 Dekabr 2023, 18:18 Рейтинг

Ўзбекистон аэропортлари йил давомида хизмат кўрсатган йўловчилар сони бўйича рекорд ўрнатди

Ўзбекистон халқаро аэропортларида йўловчи ташиш ҳажми рекорд даражага — 10 миллионни ташкил этди. Юбилей йўловчи Нукусдан Тошкентга келган Гулшад Нажиматдинова бўлди.

Ўзбекистон аэропортлари йил давомида хизмат кўрсатган йўловчилар сони бўйича рекорд ўрнатди

29 декабрь куни Ўзбекистон халқаро аэропортларида 2023 йил учун йўловчи ташиш ҳажми 10 миллионни ташкил этиб, рекорд даражага етди, дея хабар қилди Uzbekistan Airports.

Юбилей йўловчи Humo Air авиакомпаниясининг HJ24 рейси билан Нукусдан Тошкентга келган Гулшад Нажиматдинова бўлди. Аёл оиласи билан байрам кунларини Тошкентда нишонлаш учун учиб келаётган ва бундай совғани кутмаган эди. У 10 миллионинчи йўловчи бўлганини Нукусда рўйхатдан ўтиш пайтида билди. Йўловчини биринчи бўлиб аэропорт директори Ўринбой Бекбергенов табриклади.

«Тошкент» аэропортининг учиб келиш терминалида йўловчи Uzbekistan Airports компанияси раҳбарияти томонидан тантанали равишда кутиб олинган. Унга бошқарув компанияси томонидан гуллар ва эсдалик совғалари, шунингдек, SIP залидан 10 маротаба бепул фойдаланиш учун маҳсус сертификат топширилди.

«10 миллион йўловчи Ўзбекистон аэропортлари учун рекорд кўрсаткичдир. Бунга аэропортларимизга хорижий авиаташувчиларни жалб этиш бўйича тизимли ишлар, шунингдек, янги маҳаллий авиакомпаниялар ташкил этилиши туфайли эришилди. Юбилей йўловчимиз ҳам шу йил декабрь ойида парвозларни амалга ошира бошлаган компаниялардан бири — Humo Air бортида учиб келди», — дея изоҳ берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Машҳур янгиликлар