Мамлакатларнинг хавфсизлик индекси эълон қилинди
Ўзбекистон Германия, Россия ва Туркиядан олдинда бормоқда.
Numbeo таҳлилий хизмати жиноят даражаси бўйича давлатларнинг 2023 йилги рейтингини тузди. Ўзбекистон 142 мамлакат ичида 104-ўринни эгаллади.
Рейтингда юқори ўринни эгаллаган давлатларда жиноятчилик юқори, қуйи ўринларда эса паст, аммо хавфсизлик юқори бўлади. Ўзбекистоннинг рейтингидаги жиноятчилик индекси 33,5 фоизни, хавфсизлик индекси эса 66,5 фоизни ташкил қилган. Индекс сўровлар асосида мамлакатдаги умумий жиноятчилик даражасини баҳолайди.
Қатар дунёдаги энг хавфсиз давлат деб топилган. Жумладан, у рейтингда 142-ўринни қайд этган. Мамлакатда жиноятчилик индекси 14,15 баллни, хавфсизлик эса 85,85 баллни ташкил қилган. МДҲ давлатлари орасида Қозоғистон (48-ўрин), Беларус (34-ўрин) ва Қирғизистонда (38-ўрин) юқори жиноят қайд этилган бўлса, Молдова (63-ўрин), Россия (94-Ўрин) ва Ўзбекистон хавфсизроқ саналади.
«Энг жиноятчи» давлатлар Венесуела (1-ўрин), Папуа-Янги Гвинея (2-ўрин) ва Афғонистон (3-ўрин) ҳисобланган. Қатар яна энг хавфсиз давлат деб топилган. Рейтингда Германия 100-ўринни, Туркия эса 93-ўринни қайд этган. Маълумот ўрнида, жиноят даражаси бўйича 2022 йилги рейтингида ҳам Ўзбекистон жиноятчилик кўрсаткичида 142 та давлат ичида 104-ўринни эгаллаганди. Жиноятчилик индекси 33,68 баллни, хавфсизлик эса 66,32 баллни ташкил қилганди.