2 Mart 2024, 19:25 Ўзбекистон

ЖССТ: дунёда семизликдан азият чекадиган одамлар сони 1 миллиарддан ошди

Олимларнинг фикрига кўра, 2022 йилда 1 миллиарддан ортиқ одам ёки ҳар саккиз кишидан бири семизликдан азият чеккан. 1990 йилдан бери катталар орасида семизлик бўйича глобал кўрсаткич икки баравар, болалар ва ўсмирлар орасида эса тўрт баравар кўпайди.

ЖССТ: дунёда семизликдан азият чекадиган одамлар сони 1 миллиарддан ошди

2022 йилда дунёдаги 1 миллиарддан ортиқ одам ёки ҳар саккизинчи кишининг бир нафари ортиқча вазндан азият чеккан. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Lancet журналида нашр этилган тадқиқотга асосланиб хабар бермоқда.

«1990 йилдан буён катталар орасида семизлик ҳолати дунёда икки баравар кўпайди. Болалар ва ўсмирлар (5 ёшдан 19 ёшгача) орасида эса кўрсаткич тўрт бараварни ташкил этади», — дейилади ЖССТ хабарида.

Тадқиқот шуни кўрсатадики, тўйиб овқатланмаслик — кўламнинг пасайишига қарамай — аҳолининг кўп сонли гуруҳлари, айниқса, жануби-шарқий Осиё ва Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубий қисмида жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. ЖССТ маълумотларига кўра, тўйиб овқатланмаслик 5 ёшгача бўлган болалар ўлимига олиб келувчи ҳолатларининг ярмини ташкил этади.

Ўз навбатида, семизлик юрак-қон томир тизимига оид, шунингдек, диабет ва саратон каби юқумли бўлмаган касалликларга олиб келиши мумкин, дея огоҳлантиради ЖССТ.

«Янги тадқиқот семизликнинг олдини олиш ва даволашда тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва сифатли тиббий ёрдам муҳим эканини кўрсатмоқда», — деди ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

Унинг сўзларига кўра, семизликка қарши курашишдаги глобал мақсадларга эришиш учун илмий тадқиқотлар, ҳукуматлар ва жамиятнинг жамоавий саъй-ҳаракатлари ҳамда ЖССТ кўмагидаги соғлиқни сақлаш муассасалари талаб қилинади. Гебрейесус маҳсулотларининг истеъмолчи саломатлигига таъсири учун жавобгар бўлган хусусий секторнинг ҳамкорлиги ҳам зарурлигини таъкидлади.

Машҳур янгиликлар