18 Aprel 2024, 18:54 Ўзбекистон

Ўзбекистоннинг яна 5 та ҳудудида чиқинди хизматлари учун ягона тўлов тарифлари белгиланди

Ҳозирда республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифларини белгилашга доир чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистоннинг яна 5 та ҳудудида чиқинди хизматлари учун ягона тўлов тарифлари белгиланди

Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё вилоятлари ва Қарши шаҳрида қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари тасдиқланди.

Бу давлат раҳбарининг «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилди.

Унга кўра, қуйидаги тўлов миқдорлари белгиланди:

  • Қорақалпоғистон Республикасида жисмоний шахслар учун ойига 4 032 сўм (ҚҚС билан), юридик шахсларга эса 1 метр куб учун 72 240 сўм (ҚҚС билан);
  • Жиззах вилоятининг жами 13 та шаҳар ва туманида жисмоний шахслар учун 1 кишига ойлик 6 000 сўм, юридик шахсларга эса 1 метр куб учун (ҚҚСсиз) 60 000 сўм ва 1 тонна учун (ҚҚСсиз) 135 420 сўм;
  • Сирдарё вилоятида бўйича аҳоли учун 4 000 сўм ҳамда юридик шахсларга 1 метр куб учун (ҚҚС билан) 81 минг сўм;
  • Сурхондарё вилоятининг жами 15 та шаҳар ва туманида аҳоли учун 1 кишига ойлик 4 500 сўм ҳамда юридик шахсларга эса 1 метр куб учун (ҚҚСсиз) 70 000 сўм;
  • Қарши шаҳрида аҳоли учун 6 160 сўм (ҚҚС билан) ҳамда юридик шахсларга 1 метр куб учун (ҚҚС билан) 89 600 сўм.

Таъкидланишича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббусига кўра Халқ депутатлари ҳудудлар кенгашларининг тегишли сессия қарорлари билан белгиланган мазкур мажбурий ягона тарифлар санитар тозалаш корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратилишини таъминлашга хизмат қилади.

Маълумот учун, ҳозирда республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифларини белгилашга доир чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Аввалроқ Тошкент шаҳри ҳамда Бухоро, Наманган, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгиланган эди.

Машҳур янгиликлар