


Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси этиб тайинланган Абат Файзуллаев мамлакат президенти Сержо Маттареллага ишонч ёрлиқларини топширди.
Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Абат Файзуллаев Италия президенти Сержо Маттареллага ишонч ёрлиқларини топширди. Тантанали маросим Италия президентининг Рим шаҳридаги расмий қароргоҳи — «Квиринале» саройида бўлиб ўтди.
Бўлиб ўтган суҳбат давомида Сержо Маттарелла 2023 йилнинг 9−11 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифини ёдга олди ва ташриф унда унутилмас таассуротлар қолдирганини қайд этди.
«Учрашувда икки мамлакат ўртасида стратегик мулоқотни илгари суришнинг юксак аҳамияти тасдиқланди, Ўзбекистон ва Италиянинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлиги истиқболларидан самарали фойдаланишдан икки томон ҳам манфаатдорлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Абат Файзуллаев 2023 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси этиб тайинланди. У 2020−2023 йилларда Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси бўлиб ишлаган, шунингдек, Венгриядаги ўриндошлик асосида элчиси бўлган. Бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Венадаги бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили лавозимида фаолият олиб борган.