25 Yanvar 2023, 12:47 Ўзбекистон

Ўзбекистонда вазирлик ва идораларда ходимларнинг умумий чекланган сони белгиланди

Фармонга мувофиқ, вазирлик ва идораларнинг нобуджет маблағларидан қўшимча бошқарув штатларни киритиш қатъий тақиқланмоқда.

Ўзбекистонда вазирлик ва идораларда ходимларнинг умумий чекланган сони белгиланди

Шавкат Мирзиёевнинг «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан вазирлик ва идораларда ходимларнинг умумий чекланган сони 56 573 нафар белгиланди.

Фармонга мувофиқ, вазирлик ва идораларнинг нобуджет маблағларидан қўшимча бошқарув штатларни киритиш қатъий тақиқланмоқда.

Ҳукуматга бўйсунадиган мустақил вазирлик ва идоралар сони жами 26 та этиб белгиланмоқда (улар таркибига кирган барча қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар билан бирга жами 69 та), шу жумладан:

  • вазирликлар — 21 та;
  • қўмиталар — 12 та, шундан 2 таси мустақил мақомга эга;
  • агентликлар — 25 та, шундан 3 таси мустақил мақомга эга;
  • инспекциялар — 11 та.

Вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратлари ва ҳудудий бўлинмаларининг тузилмаларини шакллантириш бўйича ягона талаблар тасдиқланмоқда.

Эндиликда вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратларида:

Таркибий бўлинмалар фақат 4 та шаклдан иборат бўлади (департамент 20+; бошқарма 7-19; бўлим 2-6; мутахассислар). Бунда, вазирликлар ҳузуридаги қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларда департамент шаклида таркибий тузилма ташкил қилинмайди. Амалда10 тадан зиёд шакллари мавжуд (департамент, бош бошқарма, бошқарма, бўлим, шўба, хизмат, бюро, гуруҳ ва бошқалар);

Раҳбар ходимлар (раҳбар, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, ёрдамчиси, департамент, бошқарма, бўлим бошлиқлари ва ўринбосарлари) ва ижрочилар (мутахассислар) нисбати марказий аппарат бўйича камида 1/3 нисбатда (33/67 фоиз) бўлади. Амалда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппаратида раҳбар ва ижрочи ходимлар нисбати 44/56 фоизни ёки Энергетика вазирлигида 41/59 фоизни ташкил қилмоқда;

Вазирларга уларнинг фаолиятини стратегик вазифаларни ҳал этишга йўналтириш, кунлик ишлар бўйича иш юкламасини камайтириш мақсадида улар фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлил жиҳатдан таъминлайдиган Вазир котибияти ташкил қилишга ҳуқуқ берилмоқда;

Стратегик режалаштириш, ахборот хизмати, кадрлар, ахборот таҳлил, ижро назорати, мурожаатлар, АКТ, юридик таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, молия-иқтисод, халқаро алоқалар, биринчи бўлим таркибий бўлинмалари ташкил этилиши мажбурий этиб белгиланмоқда. Бунда, стратегик режалаштириш, ахборот хизмати, коррупцияга қарши курашиш ва халқаро алоқалар бўлинмалари фақатгина вазирлик ва мустақил мақомга эга бўлган идорада ташкил қилиниб, ушбу йўналишларда улар ягона сиёсатни амалга оширади.

Машҳур янгиликлар