Ўзбекистонда патентланган объектлардан ноқонуний фойдаланиш қисқартирилади
Халқаро ҳужжатга қўшилиш мамлакатнинг Бутунжаҳон савдо ташкилотига кириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.
Президент томонидан «Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги қонун имзоланди.
Гаага битимининг Женева акти ўз маҳсулотларини, энг аввало, хорижий бозорларда тарғиб қилишдан манфаатдор бўлган субъектларга саноат намуналарини рўйхатдан ўтказишнинг миллий тизимларга нисбатан анча қулай тартиб-таомилларидан фойдаланиш имконини беради.
Хусусан, миллий ишлаб чиқувчилар битта аризани Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотига (БИМТ) беришлари мумкин, у барча тартиб-таомилларни бажаришни ва ҳужжатларни юборишни ўз зиммасига олади.
Қонуннинг қабул қилиниши миллий ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулкини ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек, янги маҳсулот яратишда уларнинг жавобгарлигини ошириш ва ишлаб чиқаришда патентланган объектлардан фойдаланишга йўл қўймасликка кўмаклашади.
Бундан ташқари, ушбу халқаро ҳужжатга қўшилиш мамлакатнинг Бутунжаҳон савдо ташкилотига кириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади. Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2024 йил 6 июндан кучга кирди.
Мавзуга оид хабарлар:
Moskvada xorijlik migrantlar uchun patent narxi qariyb 20 foizga oshadi