19 Iyun 2024, 11:02 Oʻzbekiston

Ўзбекистонда мева-сабзавот етиштиришда Нидерландия инновацион ечимлари жорий этилади

Ўзбекистон элчиси Амстердамда бўлиб ўтган боғдорчилик технологиялари кўргазмасида иштирок этди.

Ўзбекистонда мева-сабзавот етиштиришда Нидерландия инновацион ечимлари жорий этилади

Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Ғайрат Фозилов Амстердамдаги GreenTech кўргазмасида иштирок этди, деб хабар қилмоқда Дунё.

Тадбир Нидерландия Қишлоқ хўжалиги, табиат ва озиқ-овқат сифати вазирлиги, Нидерландия корхоналари агентлиги, Вестленд муниципалитети, Dutch Greenhouse Delta ва World Horti Center марказлари томонидан ташкил этилди. GreenTech кўргазмасида 600 дан ортиқ мамлакатларнинг 40 га яқин компаниялари бешта катта павильонда боғдорчилик соҳасидаги сўнгги янгиликлар ва ечимларни тақдим этишди.

Ўзбекистон элчиси кўргазма доирасида Нидерландия Қишлоқ хўжалиги, табиат ва озиқ-овқат сифати вазирлиги бош котиби Ян Кис Гут билан мулоқот қилди. Бош котиб бошчилигидаги Нидерландия делегациясининг ўтган йил октябр ойида ташрифи якунлари, Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон дипломатик миссияси раҳбари, шунингдек, Нидерландия қишлоқ хўжалиги, табиат ва озиқ-овқат сифати вазирлигининг махсус вакили Фредерик Воссенар билан ҳам учрашув ўтказди. Унда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро манфаатли шерикликни фаоллаштириш ва барқарор озиқ-овқат тизимини таъминлаш, агробизнес вакилларини икки мамлакат кўргазмаларида иштирок этишларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, сувни тежайдиган ва энергияни тежайдиган Нидерландиянинг замонавий технологияларини, шунингдек, мева-сабзавот етиштириш жараёнининг бутун цикли учун инновацион ечимларни соҳага жорий этиш масалалари хусусида фикр алмашилди. Томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида ўзаро ташрифлар алмашинувини фаоллаштириш тўғрисида келишиб олди.

Mashhur yangiliklar