28 Mart 2024, 17:02 Oʻzbekiston

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш учун 800 млрд сўм талаб этилади

Ўзбекистонда аҳоли рўйхатини ўтказиш учун олдиндан 800 млрд сўм талаб этилади, дея маълум қилди Статистика агентлиги. Тадбир 2025−2026 йилларда ўтказилиши режа қилинган.

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш учун 800 млрд сўм талаб этилади

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ишларини ўтказиш учун 800 миллиард сўм керак бўлади. Бу ҳақда 27 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Статистика агентлигининг аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш бошқармаси бошлиғи Қобил Бердиқулов маълум қилди.

«2019 йилда аҳолини рўйхатга олиш ишлари бошланганди. 2021 йилда 4 та ҳудудда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказдик. Бунда аҳолини рўйхатга олишнинг 3 та усулини тестдан ўтказдик. Ҳозир республика бўйича аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширишни режалаштиряпмиз. 2020 йилда пандемия туфайли бу тадбир қолдирилди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, тадбирнинг жуда катта меҳнат талаб қилиши туфайли унинг молиявий ва техник томонлари кўриб чиқилиб, тизим такомиллаштирган ҳолда жараённи 2025−2026 йилларда ўтказиш режа қилинган. Бутун тадбирни ўтказиш учун 800 млрд сўм (тахминан 63,4 млн доллар) маблағ талаб этилади, деди Қобил Бердиқулов. Аввалроқ агентлик маълумотларни йиғишнинг қоғоз усулидан воз кечиш бюджетни 46 млн долларга яқин тежаш имконини беришини қайд этганди.

Таққослаш учун (аҳолиси Ўзбекистон билан деярли бир хил бўлган давлатлар): Канадада аҳолини рўйхатга олиш 650 млн долларга (аҳоли жон бошига 47,53 доллар) баҳоланган, Полшада — 98 млн доллар, Украинада 270 млн доллар бюджет кўзда тутилган.

Президентнинг яқинда қабул қилинган фармонига кўра, 2024 йил давомида агентлик аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик кўриш ишларини давом эттиради. Жумладан, агентликка аҳолини рўйхатга олишни аҳолининг кенг оммасига тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрлаш, 2021 йилда ўтказилган синов натижалари ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини такомиллаштириш вазифалари юклатилди.

Бундан ташқари, агентлик халқаро тажриба ва экспертларнинг тавсиялари асосида «Аҳолини рўйхатга олиш» ахборот тизимини такомиллаштириши ва рўйхатга олиш натижалари чиқувчи жадваллар намуналарини шакллантириши, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режасини ишлаб чиқиши керак.

Mashhur yangiliklar