24 Yanvar 2023, 19:38 Ўзбекистон

Ўзбекистонда 7,5 мингга яқин шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди

2022 йил давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича судларда 15 347 иш кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда 7,5 мингга яқин шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди

Ўзбекистонда 2022 йилда 7,5 мингга яқин фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

2022 йил давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича судларда 15 минг 347 иш кўриб чиқилди. Натижада 7,5 мингга яқин фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Ҳисобот даврида маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 9 минг 215 иш кўриб чиқилди.

Хусусан, ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 4 минг 623 тани ташкил қилиб, шундан жисмоний ва юридик шахсларнинг 1,7 минг аризаси қаноатлантирилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 3 минг 720 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 606 қарор бекор қилиниб, 76 қарор ўзгартирилди.

Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 2 минг 982 шикоят ва протестлар ўрганиб чиқилди. Шундан 1 минг 470 таси иш материаллари асосида кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 262 таси бекор қилиниб, 6 таси ўзгартирилди.

Машҳур янгиликлар