


15 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти масалалари бўйича махсус вакили Азиз Ўрунов ва Саудия Арабистонининг ЖСТдаги элчиси Сақер Алмоқбел товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисида баённома имзолади.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши доирасида Саудия Арабистони билан товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги баённома имзоланди.
Баённома 15 ноябрь куни ЖСТнинг Женевадаги бош штаб-квартирасида Ўзбекистон президентининг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азиз Ўрунов ва Саудия Арабистонининг ЖСТдаги элчиси Сақер Алмоқбел томонидан имзоланди.
Шунингдек, маросимда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия раиси Жамшид Ходжаев ҳам иштирок этгани айтилган.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг еттинчи йиғилишини ўтказиш учун барча фундаментал ҳужжатлар тўплами тайёрланган. Йиғилиш 17 ноябрь куни ўтказилиши ҳақида хабар берилган. Унда Жамшид Ходжаевнинг ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашиши кўзда тутилган.