18 Aprel 2024, 16:38 Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Тожикистон товар айирбошлаш ҳажмини 2 млрд долларга етказмоқчи

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон тор ҳамда кенгайтирилган доирада учрашиб, ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 2 млрд долларга етказиш вазифасини қўйди. Транспорт ва транзит ташиш соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида кўрилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон товар айирбошлаш ҳажмини 2 млрд долларга етказмоқчи

18 апрель куни Душанбедаги «Қасри Миллат» давлат қароргоҳида Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари тор доирада учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Унда сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

«Етакчилар Марказий Осиёнинг манфаатларини илгари суриш ва унинг барқарор тараққиётини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақавий тузилмалар ва халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилишларини тасдиқлади», дейилади хабарда.

Улар, шунингдек, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаши куилмоқда, матбуот хизматига кўра, бу ҳужжат Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиш эканидир.

«Бугун имзоланаётган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартномани амалга ошириш учун барча даражаларда — парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий идоралар, вазирлик ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқотлар самарадорлигини ошириш лозим», — деди Мирзиёев.

Ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 2 миллиард долларга (2023 йилда 757 млн доллар) етказиш, шу жумладан, ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш, чегараолди савдо зоналарини тезкор ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Президентлар чуқур саноат кооперациясини рағбатлантириш учун энергетика, электротехника, металлургия, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича қатъий келишувларга эришилганини олқишлади.

Сувдан фойдаланиш масалаларида конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди. Ташриф арафасида бизнес форуми муваффақиятли ўтказилгани, унинг якунида янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг катта портфели шакллантирилгани келтириб ўтилди. Машинасозлик, электротехника, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларидаги ўзаро манфаатли лойиҳалар шулар жумласидан.

Машҳур янгиликлар