11 Aprel 2024, 13:56 Oʻzbekiston

Ўзбекистон ва Эрон 46 та инвестициявий ва савдо битимини амалга оширишни режалаштиряпти

Эрон билан биргаликда умумий қиймати 362 млн долларлик 46 та инвестициявий ва савдо битимини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон ва Эрон 46 та инвестициявий ва савдо битимини амалга оширишни режалаштиряпти

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистоннинг Миср, Исроил, Эрон ва Афғонистондаги элчилари ҳисоботлари эшитилди.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, эшитувлар жорий йил 18 январь куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида берилган вазифалар ижроси устидан парламент назорати тадбирлари доирасида ташкил этилди. Бунда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича «йўл хариталари»да назарда тутилган инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, Эрон билан биргаликда умумий қиймати 362 млн долларлик 46 та инвестициявий ва савдо битимини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ушбу инвестицияларнинг жалб этилиши озиқ-овқат ва қурилиш саноати корхоналарини, минтақаларнинг коммунал инфратузилмасини модернизация қилишни бошлаш, шунингдек, янги саноат корхоналарини ишга тушириш имконини берди.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонасининг бевосита кўмагида 18,8 миллион долларлик 4 та инвестиция лойиҳаси ва 14,5 миллион долларлик 15 та экспорт шартномаси муваффақиятли амалга оширилди. Бундан ташқари, сенаторлар Яқин Шарқда авж олган ҳарбий ҳаракатлар пайтида мамлакат фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни эвакуация қилиш борасида дипломатик миссиянинг салмоқли ишларини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасининг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатга умумий қиймати 4,2 миллион долларлик гепатит C ва Б га қарши 40 тонна дори воситалари бепул ёрдам тариқасида етказиб берилди. Афғонистонга экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (756,2 миллион доллар) 100,4 миллион долларга, яъни 113,3 фоизга ошган.

Кенг муҳокама давомида дипломатик миссияларнинг устувор вазифалари кўриб чиқилди, тасдиқланган «йўл хариталари»ни амалга ошириш учун масъул вазирлик ва идоралар фаолияти натижадорлигига баҳо берилди, республика халқаро ташаббуслари ва иқтисодий манфаатларини ифодалаш, шунингдек, хорижда мамлакат фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Mashhur yangiliklar