3 May 2024, 15:26 Oʻzbekiston

Ўзбекистон ва Қатар ишчиларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйяпти

Қатар меҳнат вазирлиги талабига мувофиқ, кадрларни мамлакатдаги алоҳида марказларда ўқиш хусусида фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва Қатар ишчиларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйяпти

Ўзбекистон элчиси Ашраф Хўжаев Қатар меҳнат вазири Али бин Самих ал-Марри билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда Дунё.

Музокаралар давомида икки давлат раҳбарлари ўртасида яқин дўстлик ва биродарлик алоқалари ўрнатилгани ҳамда 2023 йилда уч маротаба олий даражадаги ташрифлар ташкил этилгани юқори баҳоланди. 2023 йил июн ойида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Самарқандга ташрифи давомида икки давлат ҳукуматлари ўртасида ишчиларни ишга қабул қилиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланганига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, қўшма қўмитанинг биринчи йиғилишини Тошкентда ўтказиш ва томонлар ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Қатарда иш билан таъминлаш бўйича ўзаро музокаралар уюштириш тўғрисида келишиб олинди.

Бундан ташқари, Қатар меҳнат вазирлиги талабига мувофиқ, кадрларни мамлакатдаги алоҳида марказларда ўқиш хусусида фикр алмашилди. Қатар томони охирги 10 йил давомида асосан қуриш соҳасига хориждан кадрларни жалб этилаётганини, ҳозир кунда эса туризм, соғлиқни сақлаш, транспорт, компютер технологиялари ва бошқа соҳаларда малакали мутахассисларга талаб юқорилигини билдирди. Қатар томони бу йўналишда Ўзбекистон муҳим ҳамкор бўла олишини алоҳида таъкидлади.

Mashhur yangiliklar