12 Aprel 2024, 15:05 Oʻzbekiston

«Ўзбекистон ҳудудида яқин орада кучли зилзила кутилмаяпти» — мутахассис зилзила ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Нидерланд сейсмологи Франк Ҳугербитс ва жамоаси атмосферадаги тебранишлар билан боғлиқ ўзгаришларни таҳлил қилиб, зилзила кунлари ва ҳудудини прогноз қилган.

«Ўзбекистон ҳудудида яқин орада кучли зилзила кутилмаяпти» — мутахассис зилзила ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

11-13 апрель кунлари дунёнинг сейсмик ҳудудларидан бирида 8 магнитудадан юқори балли зилзила бўлиши прогноз қилинди. Бу ҳақда Қуёш тизими геометрияси тадқиқот институти эълон қилди. Нидерланд сейсмологи Франк Ҳугербитс ва жамоаси атмосферадаги тебранишлар билан боғлиқ ўзгаришларни таҳлил қилиб, зилзила кунлари ва ҳудудини прогноз қилган.

Олимлар эҳтимолий зилзила бўладиган 50 та ҳудуд рўйхатини тузиб чиққан. Улар ичида Ўзбекистон ва унга қўшни давлатлар киритилмаган. «Kun.uz» Сейсмология институти катта илмий ходими Улфат Нурматов билан боғланиб, Ўзбекистон ва унга қўшни ҳудудларидаги сейсмик вазият ҳақида маълумот олди. Мутахассис Сейсмология институти олимлари кузатув кенгашида ҳар ҳафта дунё ва республикадаги сейсмик фаолликни таҳлил қилиб боришини маълум қилди.

«Бунда қаерда қандай зилзила бўлгани ва қанчалик фаоллигини ўрганамиз. Ўтган ҳафтада ҳам худди шундай кенгаш йиғилиши ўтказилди ва яқин орада Марказий Осиё, Ўзбекистон ҳудудида кучли зилзилалар бўлиши кутилмаяпти. Ҳозир Марказий Осиё ҳудудлари ўртача фаоллик ҳолатида», — деди мутахассис.

Нурматов Франк Ҳугербитснинг прогнози ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди. Унга кўра, кучли зилзилаларнинг аниқ санасини қисқа муддатда айтиб прогноз қилиш жуда қийин масала.

«Сейсмологлар одатда текширув ва кузатувлари натижасида кейинги кучли зилзила қаерда бўлиши мумкинлигини айта олишади, лекин аниқ санасини эмас. Баъзан айтилган саналар тўғри чиқади, баъзан эса йўқ. Бу фақат бир тахмин холос», — деди сейсмолог.

Маълумот учун, Франк Ҳугербитс нисбатан юқори аниқликдаги сейсмологик тадқиқотлар олиб боради. У 2022 йил февралида Туркиянинг жануби-шарқи, унга қўшни Сурия, Иордания ва Ливан билан чегарадош ҳудудларида 7,5 магнитудали кучли зилзила бўлишини воқеадан уч кун олдин прогноз қилганди.

Mashhur yangiliklar