23 Fevral 2024, 13:41 Ўзбекистон

Япония ўзбекистонликларни 7 йўналишда бўш иш ўринларига жалб қилмоқчи

Ўзбекистон элчиси ва Япониянинг Ибараки префектураси губернатори ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш режалари келишиб олинди.

Япония ўзбекистонликларни 7 йўналишда бўш иш ўринларига жалб қилмоқчи

Ўзбекистон элчиси Муҳсин Абдураҳмонов Японинянинг Ибараки префектураси губернатори Казухико Оигава билан музокаралар ўтказди.

«Дунё» хабарига кўра, учрашув чоғида икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ибарака префектураси бозорига юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Шунингдек, мамлакатда япон тили ўргатиш ва касбий кўникмалар ҳосил қилишга асосланган мономарказлар ташкил этилгани айтиб ўтилди.

Томонлар ушбу марказлар битирувчиларини Ибараки компаниялари учун қизиқиш уйғотадиган қурилиш, автомобилсозлик, тўқимачилик, қарияларни парваришлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, меҳмонхона ва биноларни тозалаш каби тармоқларда бўш иш ўринларига жалб қилиш имкониятлари хусусида фикр алмашди.

Бундан ташқари, мулоқот давомида Ибараки префектураси ва Ўзбекистон вилоятларидан бири билан биродарлик алоқаларини ўрнатиш масалаларига эътибор қаратилди.

Губернатор Казухико Оигава Ўзбекистон томони билан ташқи меҳнат миграцияси, савдо-иқтисодий ҳамда бошқа ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, губернатор префектура компанияларини мамлакат иқтисодий салоҳияти билан таништириш бўйича қўшма семинарлар ташкил этиш кераклигини таъкидлади.

Машҳур янгиликлар