29 Aprel 2024, 11:17 Ўзбекистон

Янги қурилаётган хонадонлар учун тўланган пулларни ўзлаштирганликда гумонланган икки шахс қидирувга берилди

Тошкентда фуқароларнинг янги хонадонлар учун тўланган пулларини ўзлаштирганликда гумонланаётган икки шахс қидирувга берилган. Уйлар рухсатномаларсиз қурилгани айтилмоқда. Компания раҳбари қамоққа олинган.

Янги қурилаётган хонадонлар учун тўланган пулларни ўзлаштирганликда гумонланган икки шахс қидирувга берилди

Тошкент шаҳар ИИББга бир нечта фуқаролар ариза билан мурожаат қилиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар учун тўловни амалга оширгани, бироқ МЧЖ томонидан шу кунга қадар хонадонлар топширилмагани сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ўтказилган текширув жараёнида аниқланишича, 1977 йилда туғилган О.Ш. Max-House-Group МЧЖни ташкил қилиб, ўзининг шериклари – 1982 йилда туғилган А.О. ва 1989 йилда туғилган А.С. билан бирга бир нечта фуқароларга нисбатан фирибгарлик содир этган.

Жумладан, О.Ш. МЧЖ номидан Учтепа ва Чилонзор туманларида қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонларни сотишини маълум қилиб, фуқаролардан хонадонлар учун тўловларни қабул қилиб олган. Аммо ушбу кўп қаватли уйлар қурилиши учун ҳеч бир мутасадди ташкилотлардан рухсат олинмаган ва уй қуришга керакли бирон-бир ҳужжатларга эга бўлмаган. Улар кадастр ҳужжатлари йўқ бўлган хонадонларни фуқароларга сотишини билдириб, алдов йўли билан жуда кўп миқдордаги пулларни ўзлаштириб олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида О.Ш.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Гумонланувчилар А.С. ва А.О. терговдан қочиб яширингани сабабли, улар қидирувга берилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Машҳур янгиликлар