Туризмни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилувчи қонун маъқулланди
Қонун маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни хомашё ресурслари билан таъминлашга ва уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга, шунингдек туризмни ривожлантиришга ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Ўзбекистонда сенаторлар туризмни ривожлантиришга ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилувчи қонунни маъқуллади.
Эллик биринчи ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистонда заргарлик саноатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга, заргарлик буюмлари экспортини оширишга, шунингдек туризм соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун ҳар томонлама имкониятлар яратишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Айни вақтда заргарлик тармоғини саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва уларнинг савдоси бўйича фаолиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг хомашёга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида ушбу қонун билан Солиқ кодексига заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган қимматбаҳо тошларни Ўзбекистонга олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Шу билан бирга туризмни янада ривожлантириш, болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг самарали фаолиятни амалга ошириши учун уларни қўллаб-қувватлаш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ушбу қонун билан Солиқ кодексини касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйларининг ва дам олиш зоналарининг мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатишдан олган фойдаси фойда солиғидан озод қилиниши тўғрисидаги норма билан тўлдириш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, «Туризм тўғрисида»ги қонунга касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйлари ва дам олиш зоналари мажбурий сертификатлаштиришдан озод этилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда. Мажлисда таъкидланишича, ушбу қонун маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни хомашё ресурслари билан таъминлашга ва уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга, шунингдек туризмни ривожлантиришга ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Мавзуга оид хабарлар:
Qozog‘iston sayohat uchun eng yaxshi mamlakatlar qatoriga kirdi O‘zbekistonliklar turistik maqsadda qaysi davlatlarga ko‘proq borayotgani aytildi Endi ayrim tadbirkorlar chetdan avtobus va mikroavtobuslar import qilganida bojxona bojidan ozod etiladi O‘zbekistonda yangi milliy turizm brendi yaratiladi Turizm sohasidagi faoliyatga qo‘yiladigan talablar soddalashtirildi