Тошкентдаги Бўрижар канали қирғоғида сайилгоҳ ташкил этилиши мумкин
Канални ободонлаштириш ва унинг бўйида сайилгоҳ ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқов 17 апрел куни Яккасарой ва Чилонзор туманларидан ўтувчи Бўрижар канали бўйини ободонлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этиш лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Эълон қилинган фотосуратларда канал бўйини ободонлаштириш ва сайилгоҳ барпо этиш лойиҳаси чизмаларини кўриш мумкин. Бунда канал бўйидаги аҳоли турар-жойларининг «қизил чизиқ» ҳудудига тушгани, яъни бузилиши мумкинлиги ойдинлашади.
Ҳокимлик хабарига кўра, Умрзоқов пойтахт экология бошқармаси ва Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мутахассислари иштирокида дарахтларнинг ҳолатини инвентаризация қилиш ва баҳолашдан ўтказиш ҳамда дарахтларнинг кесилмаслиги учун уларнинг ўсаётган жойини ҳисобга олган ҳолда лойиҳага ўзгартиришлар киритиш бўйича топшириқлар берган.
Мавзуга оид хабарлар:
Тошкентнинг Бўрижар каналида чўкиб кетган эркакнинг жасади топилди Бўрижар каналида 3 киши чўкиб кетди