Тошкентда терговчи ва 2 нафар суриштирувчи 7 минг доллар пора олганликда гумонланмоқда
Тошкент шаҳри Яккасарой туманида тергов бўлими терговчиси ва 2 нафар суриштирувчиси ўзаро тил бириктириб, фуқародан 7 минг доллар пора олган вақтида ушлангани айтилмоқда.
Давлат хавфсизлиги хизмати Ўзбекистон бўйлаб прокурор, терговчи, суриштирувчи, адвокат ва бошқаларни пора олишда гумонлаб қўлга олди.
Хусусан, Жиззах вилояти прокуратурасининг бўлим прокурори Жиззах шаҳрида яшовчи, 1975 йилда туғилган фуқарони муқаддам Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан судланганлик ҳолатини ўзининг ваколатли ҳамкасби орқали олиб ташлашни ваъда қилиб, эвазига 1000 АҚШ доллари ва 1 дона Samsung Galaxy S24 Ultra русумли телефон аппаратини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси ва 2 нафар суриштирувчиси ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, бўлим иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик ҳамда унинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмидан (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) 276-моддасининг 2-қисми «а» бандига (Кўп миқдорда гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) қайта малакалаш эвазига, айбланувчининг таниши Қ.О. орқали 7 минг АҚШ доллари олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.
Тошкент шаҳрида яшовчи, 1967 ва 1970 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар шахс 1980 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, унга нисбатан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувидаги Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят ишини прокуратура органларидаги танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш ва «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фирибгарлардан бири, яъни, 1970 йилда туғилган шахс сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди. Ҳозирда уларни прокуратура тизимидаги танишларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Наманган шаҳридаги адвокатлар ҳайъати адвокати вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 168 ва бошқа моддалари билан қўзғатилиб, ҳозирда ЖИБ Наманган шаҳар судида кўриб чиқилаётган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан суд органларидаги танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишига ёрдам бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 8 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Таъкидлаш лозимки, адвокат муқаддам Жиноят кодексининг 25,97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан судланган шахс ҳисобланади. Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Мавзуга оид хабарлар:
Voyaga yetgan kvadroberlar 15 sutkagacha qamalishi mumkin IIV Toshkentda kvadroberlar paydo bo‘layotganidan ogohlantirdi ИИВ департаменти тузилмасида Стратегик таҳлил маркази ташкил этилади