


Қурилма газ, олов ва тутун юзага келганда хавф ҳақида тегишли хизматларга огоҳлантириш хабарномасини юборади.
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги «Баркамол авлод» болалар мактаби аъзоси Озодбек Ҳошимов одамларни ис газидан огоҳлантирувчи ихтиро яратди.
У Зангиота туманидаги 6-мактабнинг 9-синф ўқувчиси. Унинг қурилмаси газ, олов ва тутун юзага келганда хавф ҳақида тегишли хизматларга огоҳлантириш хабарномасини юборади.
«Қиш мавсуми эди. Одамлар ис газидан вафот этди деган машъум хабарларни ОАВ орқали ўқиб, эшитганимда, бунинг олдини олиш керак деган ўй келди ва бунинг ортидан мана шу ихтирони яратиш ғояси туғилди», — дейди 3 йилдан бери «Баркамол авлод» болалар мактабининг робототехника тўгарагига қатнайдиган Озодбек Ҳошимов.
Қурилма ёнғин хавфи юзага келганда, уй эгаларини огоҳлантириш билан бирга ўт ўчирувчиларга хавф юзага келган жойдан геолокация юбориб, SMS хабарнома ташлайди. Айни дамда Озодбекнинг ихтиросини патентлаш жараёни кечмоқда.
Озодбекка ушбу ихтирони яратишда тўгарак раҳбари Камолиддин Абдуқаҳҳоров бошчилик қилган. 22 ёшда бўлган устоз 2019 йилдан буён Шайхонтоҳур туман «Баркамол авлод» болалар мактабида тўгаракка раҳбарлик қилади. «Агар ушбу ихтиро тегишли хизматлар билан интеграция қилинса, албатта бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинишига ишонаман», — дейди Озодбек.