27 Iyun 2024, 18:21 Ўзбекистон

Тошкентда юқори кучланишли электр тармоғи ҳудудида ёнғин чиқди

Натижада шаҳардаги учта туман ва Тошкент туманидаги қатор маҳаллалар 2 соатдан ортиқроқ вақт давомида электрсиз қолди.

Тошкентда юқори кучланишли электр тармоғи ҳудудида ёнғин чиқди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳамда Тошкент туманидаги айрим истеъмолчилар 27 июнь куни маълум вақт давомида электр энергиясиз қолди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» ахборотига кўра, соат 14:23 да Тошкент шаҳрида «Л-ДОК-1» ва «Л-ДОК-2» юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғида носозлик юзага келган. Бу носозлик бу тармоқлар ҳудудида юзага келган ёнғин билан боғлиқ.

Шундан сўнг компания соат 16:37 да қўшимча хабар бериб, носозлик бартараф этилгани, электр энергиясидан узилган ҳудудларга қайта кучланиш берилганини маълум қилди. «Ҳудудий электр тармоқлари» истеъмолчилардан юқори кучланишли электр тармоқларининг муҳофаза ҳудудларида эҳтиёт чораларини кўришларини сўраган.

Машҳур янгиликлар