23 Fevral 2024, 12:05 Ўзбекистон

Тошкентда «Автомобилсиз кун»ларда амалдорлар намуна бўлади

Барча давлат органлари раҳбарлари ва ходимларига ишга жамоат транспортида келиш орқали «намуна кўрсатиш» топширилди.

Тошкентда «Автомобилсиз кун»ларда амалдорлар намуна бўлади

Тошкентда ҳар ойнинг бир иш кунида автомобиллар ҳаракатини қисқартиришга қаратилган «Автомобилсиз кун» жамоат лойиҳаси ўтказилади.

Автотранспорт воситалари чиқинди газларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида кенг жамоатчилик вакиллари ва экологик фаолларнинг ушбу таклифи Шавкат Мирзиёевнинг 21 февралдаги фармони билан тасдиқланди. Чеклов жамоат транспорти, шунингдек, махсус ва шошилинч ёрдам хизматлари автомобилларига тааллуқли бўлмайди.

Бинолари Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимларига «жамоат транспортида иш жойига келиш орқали шахсий намуна кўрсатиб бориш» топширилди. Фармонда янги норманинг «тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши» учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги масъул этиб белгиланди.

Машҳур янгиликлар