Тошкентда 103 ходими аёл беморга уятсиз ҳаракатлар қилгани айтилмоқда
Тез тиббий ёрдам маркази раҳбарияти ходим фаолияти бўйича текширув тайинлангани ва ишчи гуруҳ экпертиза ўтказаётганини маълум қилди.
Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам чақирувига кўра келган ходим бемор аёлга уятсиз ҳаракатлар қилгани айтилмоқда. Бу ҳақда журналист ва блогер Шаҳноза Соатова хабар берди. Журналист унга мурожаат қилган аёл ўзининг таниши экани, университетда дарс бериши, кичик ёшдаги ўғли билан бирга ёлғиз яшашини билдирди.
«Шу пайшанба — 16 ноябрдан 17 га ўтар кечаси тоби қочган, тез ёрдам чақирган. Ёлғиз ўзи ёш боласи билан яшагани ва кечқурун бўлгани учун иложи бўлса, аёл шифокор сўраган. Лекин икки соатда ҳам аёл шифокор топилмагани учун тунги соат 00:15 да эркак шифокор бир ўзи кириб келган. Учта шприцда укол қилган. Охиргисини қилаётган пайтдаёқ аёл ўзини ғалати ҳис қила бошлаган», — деб ёзади Соатова.
Мурожаатчига кўра, ўша вақтнинг унинг боши айланиб, эс-ҳуши жойида бўлса ҳам, оёқ-қўллари бўшаша бошлаган. «Тез ёрдам шифокори аёлнинг ожизлигидан фойдаланиб, унга ножўя қилиқлар қилган, қўли билан жинсий зўрлаган. Яна кўпроқ ишлар қилмоқчи бўлгану, аёл ҳоли борича қаршилик қилавергач, ниҳоят кетган. Аёл эртаси кечгача хаёли ўзида бўлмаган, кечга бориб, нима бўлганини англаб, бонг ура бошлаган. Лекин 102 га қўнғироқ қилингач, етиб келган участка нозири етарли тезкорлик кўрсатмаган, аёлга „барибир исботлашингиз қийин“, деб мурожаатидан воз кечишга ундаган. Аёл қатъият кўрсатгач, судмедэкспертизага йўлланма берган. Бу жума кечқурунги гап», — деб сўзида давом этади журналист.
Унинг қайд этишича, аёл суд тиббий экспертизага борган, иш куни тугаб қолгани учун иши битмаган. «Эртаси шанба ҳам шу аҳвол. Судмедэкспертиза, наркологияга бориб вақти зое кетган (қизиқ, улар ҳафтада 5 кун соат 4 гача ишласа, бошқа вақтларда қилинган жиноят излари душанбагача кутииб ўтирадими?) Участковой эса ҳамон барибир исботлай олмайсиз позициясида, шекилли, етарли ҳаракат қилмай, аксинча, аризани қайтариб олиш ҳақида гап очяпти нуқул. Тез ёрдам қолдириб кетган шприцлардаги модда қолдиқларини ҳам ҳеч ким эътиборга олмаяпти. Порталга қилинган қўнғироқлар, мурожаатлар охиригача эшитилмай қўйиб қўйиляпти. Аёл ишонмаяпти адолатга, лекин уни топмоқчи, шундан жуда жонсарак», — деб ёзади Шаҳноза Соатова.
Жамоатчилик фаоли Ички ишлар вазирлиги масъуллари ва соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовга мурожаат қилиб, улардан бу масалага эътибор қаратишни сўради. «Одамлар жонидан ўтганидан шифокор чақиришади, биласиз. Тизимдаги ўн, юз минглаб одамларнинг миясига кириб чиқиш ва ахлоқига жавоб бериш қийин бўлса ҳам, бунга мажбурсиз [ССВ раҳбарига қарата — таҳр.]. Ҳеч бўлмаса, шундай рискларнинг олдини олиш учун беморнинг уйига шифокорларингиз ёлғиз кирмаслигини таъминлаш мумкин-ку. Шифокор чақирсанг ёрдам сўраб, у зўрласа. Ички ишларга айтсанг, у барибир бефойда деб ўтирса», — дейди у.
«Газета.uz» ҳолат юзасидан расмий муносабат сўраб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика тез тиббий ёрдам маркази масъуллари билан боғланди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевга кўра, вазият назоратга олинган. «Бу очиқ қоладиган масала эмас», — деди у. Республика тез тиббий ёрдам маркази матбуот котиби Ирода Мирзабекова иш билан «шахсан шуғулланаётганини» билдирди. Унинг сўзларига кўра, чақириққа борган тез тиббий ёрдам фельдшери О.М.нинг иш фаолияти юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Мурожаатда беморга 3 та укол қилингани айтилган ҳолат бўйича эса ишчи гуруҳ экпертиза ўтказади.