20 Iyun 2024, 08:17 Oʻzbekiston

Тошкент вилоятида эркак беш ёшли қизчага тегажоғлик қилди

БП эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва ходимнинг хатти-ҳаракатлари устидан ички текширув ўтказилишини маълум қилди.

Тошкент вилоятида эркак беш ёшли қизчага тегажоғлик қилди

Зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси Тошкент вилоятида профилактика инспектори маст қўшниси томонидан тегажоғликка учраган беш ёшли қизнинг онаси ёзган аризани қабул қилмагани ҳақида хабар берди.

Аёл ушбу муаммога эътибор қаратиш учун лойиҳа билан боғланган. Унинг сўзларига кўра, 11 июнь куни кечқурун қизи ва унинг опаси кўчанинг нариги томонидаги қўшнилар ҳовлисида болалар билан ўйнаётган бўлган.

Она болаларини уйга чақириш учун ташқарига чиққанида, қизининг йиғлаб уйга чопаётганини кўрган. Қиз «Шавкат амаки уни қучоқлаб, ялаб олганини» такрорлаган.

«Аввалига ҳайрон бўлдим ва у айнан нима қилганини сўрай бошладим. Эшитганларим мени ҳайратда қолдирди. Ҳовлидан югуриб чиқиб, шу қўшниникига бордим. У маст эди, ҳаммасини инкор қилди, қизимни қўшни сифатида ўпганини, лекин бола ҳамма нарсани нотўғри тушунганини айтди. У билан гаплашишдан фойда йўқлигини тушуниб, эрим билан ички ишлар бўлимига бордим. Улар маҳаллий ИИБ ходимига қўнғироқ қилди, ариза ёзмоқчи эдим, лекин у аризани қабул қилишдан бош тортди», — дея аёлнинг ҳикоясидан иқтибос келтиради Nemolchi.uz.

Шундан сўнг қизнинг онаси шаҳар прокуратурасига ариза ёзган. Ариза топширилганига 6 кун бўлди, дея таъкидлади у, қўшни ҳамон қизлар яшайдиган уй ёнидаги кўча бўйлаб бемалол юрибди. «Энди ҳовлимизнинг эшигини очиб, зарурат бўлмаса уйдан чиқмасликдан қўрқаман. Мен қизларимдан хавотирдаман», — деб таъкидлади аёл.

Бош прокуратура 19 июнь куни ушбу хабарга муносабат билдирди. «Тошкент вилоятида беш ёшли қизга тегажоғлик қилган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди», — дейилади Бош прокуратура хабарида. Нурафшон ИИБ профилактика инспектори хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун хизмат текшируви тайинланди.

Mashhur yangiliklar