Тошкент ва Самарқандда ноқонуний ҳаракат қилган адвокатлар ушланди
Уч нафар адвокат фуқаролардан юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали белгиланган жазони енгиллатиш ёки қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазога алмаштириш учун пул талаб қилган.
ДХХ ходимлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бир неча нафар адвокатларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйган.
Маълум қилинишича, Тошкентда адвокат ва МЧЖ юристи ўзаро келишган ҳолда, суд тизимида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 2021 йилда Жиноят кодексининг 131- ва 135-моддалари билан судланиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда жазо муддатини ўтаётган шахснинг айбловидан 135-моддани олиб ташлаш орқали унга нисбатан тайинланган жазони енгилроқ жазо турига алмаштириб бериш эвазига 75 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Улар сўралган пул маблағини олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. Таъкидланишича, мазкур адвокат 2015-2020 йилларда фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро судининг судяси бўлиб, МЧЖ юристи эса 1999-2003 йилларда жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди ходими сифатида фаолият юритган.
Бошқа ҳолатда эса, Тошкентда муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган адвокат суд органларидаги танишлари орқали, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган маҳкумнинг жазосини озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазога алмаштириб бериш эвазига 17 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Самарқандда адвокат шаҳар прокуратураси иш юритувидаги жиноят иши бўйича гумонланувчи шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламасликлари учун прокуратура тизимидаги танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 2 минг доллар талаб қилиб, 1,5 минг доллар олган вақтида ушланди. Қайд этилишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Мавзуга оид хабарлар:
To‘rt viloyatda pora olayotgan advokatlar qo‘lga tushdi Toshkentda advokat va yurist 75 ming dollar bilan ushlandi Toshkent va Fargʻonada advokatlar 50 ming dollar bilan ushlandi Учта ҳудудда хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди ДХХ ҳудудларда қурилиш бошқармаси ходими ва суд бошқарувчиларини қўлга олди